9/30/2006

Вердер - Боруссиа Мюнҳенгладбаҳ

Бугун барда футбол томоша қилдим. Вердер Боруссиа Мюнҳенладбаҳга қарши ўйнади. Вердер ўзига келганига ўхшайди. Беш дақиқа ичида дарвозага уч марта тўп киритди. Айниқса Диего киритган тўп жуда чиройли чиқди. Тўп 17-18 метрдан деволдан ошиб дарвозага кирди. Дарвозабон уни тўхтатиш учун ҳаракат ҳам қилмади, уни кўзи билан кузатиб қўйди, холос. Ўйин 3-0 билан тугади.

Дарвоқе, Мюнҳен ютилди Гамбург эса дурангга ўйнади. Бу ҳурсандчиликка яна ҳурсандчилик қўшади. :-)

Линукс компьютери дўконда

Олмонияда Real дўконларидан Линукс ўрнатилган компьютерни сотиб олса бўлади. Линукс - Linspire. Нархи нисбатан арзон. Ишонмайсизми? Қуйидаги расм гапларимни исботлайди. У уйимга келган рекламадан скэн қилинган.

9/28/2006

Вердер - Барселона (2)

Гапни қисқа қилсам кеча Вердер Барсага қарши биру-бирга ўйнади.







Камида 75 дақиқа Вердер олдинга ҳужум қилишни умуман тўхтатгани йўқ. Вердернинг ҳужумчилари Барсанинг ҳимоясига қийин аҳволда қолдирди. Ҳимоячиларнинг яхши ўйинидан Барсанинг юлдузлари умуман тўпни бошқаролмади.

Мен ҳудди ёш боладек 37 минг томошабинларга қўшилиб тинмай қарсак чолиб қўшиқ айтиш билан қўлимдан келгунча ўйинчиларни қўллаб-қувватлаб турдим. Тўқсон дақиқа ичида кундалик ҳаёт ташвишлари умуман эсдан чиқиб ажойиб футбол оламига тўлиқ шўнғиб кетибман.

Шундай яхши кайфият 89 дақиқа давом этди. Сўнг, Месси Декодан тўпни қабул қилиб уни дарвозага киритди. 1-1.

9/27/2006

Вердер - Барселона (1)

Бугун Бременда Вердер Барселонага қарши ўйнайди. Футболга қизиққан одамга жуда ажойиб кун. Мен учун жуда-жуда ажойиб кун - мен ўйинни ўйингоҳда кўраман. LIVE!

Икки жамоада ҳам жаҳон даражасидаги ўйинчилар бор. Вердерда, Олмония миллий жамоасида ўйнайдиган учта ўйинчи бор: Клозе, Боровски ва Фрингс. Клозе ўтган жаҳон чемпионатида дарвозага энг кўп марта тўп киритганини эслатмасам ҳам бўлади. :-) Бундан ташқари, бразилиялик Налдо ва янги келган Диего ҳам бор. Диего биринчи иккита ўйинда маҳорати билан ҳаммани аллақачон лол қолдирди.

Барса ҳақида ёзишни ҳам кераги йўқ. Ҳамма яхши билади. Роналдинио, Деко, Это, Месси, Тюрам, Замбротта ва бошқа юлдузлар тўплами. Ўтган йили ҳам Вердер Барса билан битта гуруҳга тушган эди. Натижада, иккаласи ҳам кейинги босқичга ўтган эди. Мусобақанинг охирида Барса Арсенал устидан ғалаба қозонган эди.

Афсуски, мен ўтган йили Бременда Барсанинг ўйинига тушолмаган эдим. Ўшанда, Вердер уйда ҳам меҳмонда ҳам ютқазган эди. Бунга қарамасдан, айтганимдек, кейинги босқичга ўтган эди. У ерда Вердер Ювентусга қарши ўйнади. Уйдаги ўйинни мен ўйингоҳда томоша қилган эдим. Ўйин жуда қизиқарли ва чиройли бўлиб Вердернинг ғалабаси билан тугаган эди. Бизларнинг қувончимизга чегара йўқ эди.





Ўша вақтларда ҳали буюк Мику "Le chef" Вердерда тўп сурар эди. Қани энди у яна қайтиб келса. Ишончим комил бутун Бремен "Ҳей, Жуд"ни фақат у учун ижро этарди. Аммо у қайтиб келмайди. :-(

Ҳозир Вердер жуда қийин вақтларга дуч келган. Янги сезон жуда яхши бошланган эди. Лига кубогининг финалида Байерн устидан чиройли ғалаба қозонган эди. Бундеслигада биринчи иккита ўйинда ҳам майдондан ғолиб сифатида қайтган эди. Кейин Шалкега, 23490764-чи лигада ўйнайдиган Пирмазенсга, Штутгартга ҳам бой берди. Қисқаси ишлари ҳеч юришмаяпти. Ҳа, Челсига ҳам бой берган эди, аммо улар Челси-ку. Бундан ташқари, ўйиннинг охиригача курашган эди.

Насиб бўлса, бугун омади чопади. Ҳар ҳолда, бугун уйида ўйнайди. Бир оз бўлса ҳам, бу уларга мадад беради. Ишончим комил ўйин, қандай тугашидан қатъий назар, у жуда қизиқарли бўлади.

Ауф гейтс Вердер шист айн тор, шист анй тор, шист анй тороор... :-)

9/26/2006

EastLinux чиқди

Ҳозиргача миш-миш бўлиб келган маълумот ниҳоят расмий хабар этилди. Гап EastLinux ҳақида. Infocom.uz (русчада) хабар бериши бўйича (қуйидаги менинг таржимам):

"ICT EXPO 2006" кўргазмаси эркин дастурлар ишқибозларига қизиқарли бўлади. Paradox Neo компаниясининг кўргазма жойида оммага EastLinux тақдим этилиши кутилмоқда.

EastLinux - маҳаллий компания Paradox-Neo томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган биринчи Линукс (Linux) тизимидир.

Бу албатта жуда қувонарли янгилик. Бу ҳаракатнинг орқасида турган кишиларга омад тилайман.

Яна айтмоқчи бўлганим - мен бу ишга умуман қўл урганим йўқ. Табиий менинг исмимни кўп KDE дастурларида учратасиз, аммо мен уларни айнан EastLinux учун қилганим йўқ. Улар KDE орқали тарқатиладиган ўзбекча таржималарда асосланган. Улардан фарқ қиладиган ўзгаришларни EastLinux таржимонлари киритган. Илтимос уларга тегишли фикр ва саволларингиз бўйича мен билан эмас EastLinux таржимонлари билан боғланинг.

OpenOffice.org ва ўзбек имлосини текшириш

Мен яқинда uzbek.wordlist-0.6'ни чиқардим. Uzbek.wordlist - ўзбек тилида кирил ёзувида ёзилган сўзларнинг рўйхати. Асосий мақсад, унинг асосида имлони текширувчи воситалар учун ўзбекча матннинг имлосини текшириш имкониятини яратиш. Ҳозирча бундай имконият Aspell ва Hunspell воситалари учун мавжуд.

Aspell - эркин дастурлар оламида кенг тарқалган восита. Умуман олганда Gnome ва KDE ҳам Aspell ёрдамида имлони текшириш имкониятини яратади. Кўзга кўринган дастурлардан KOffice ва AbiWord ундан фойдаланади.

Hunspell - ҳали нисбатан янги восита. Ҳозирча ундан OpenOffice.org-2 дастурларида фойдаланса бўлади. Келажакда OpenOffice.org MySpell ўрнига Hunspell воситасини тўлиқ ишлатиши кутилмоқда.

Қуйидаги расмда OpenOffice.org Writer дастурида ўзбек тилида ёзилган матннинг имлосини текшириш кўрсатилган.



OpenOffice.org'га шундай имкониятни ўрнатиш учун uzbek.wordlist-0.6'ни ёзиб олинг ва hunspell директориясида make буйруғини бажаринг. Натижада uz_UZ.dic файли пайдо бўлиши керак. Агар сизда make бўлмаса Makefile файлида кўрсатилган буйруқларни бажаринг, холос. Энди uz_UZ.aff ва uz_UZ.dic файлларини OpenOffice.org ўрнатилган директориядаги share/dict/ooo директориясига кўчиринг. Ниҳоят, ўша ердаги dictionary.lst файлига "DICT uz UZ uz_UZ" қаторни қўшиб қўйинг.

Ундан фойдаланиш учун OpenOffice.org'да бетнинг истаган жойида сичқончанинг ўнг тугмасини босиб пайдо бўлган менюда Character... бандини танлаш керак. Сўнг, пайдо бўлган ойнада Language рўйхатидан Uzbek (Latin) бандини танлаш керак.

Афсуски, OpenOffice.org дастурларида хато бор шунинг учун ўзбек тилини одатгагидек мосламалар ойнасидан танлаб бўлмайди. Бундан ташқари OpenOffice.org дастурларида икки хил ёзувда ёзилган тиллар билан ишлаш имконияти ҳозирча йўқ. Шунинг учун кирил ёзувида ёзилган ўзбек тилини у "танимайди".

Debian unstable Линуксни ишлатадиганлар керакли DEB-пакетини бу ердан ёзиб олиши мумкин. Мен уни аллақачон Debian'га жўнатдим. Насиб бўлса, агар у Debian'га қўшилса, оддий "apt-get install hunspell-uz" буйруғи билан уни ўрнатса бўлади.