11/19/2006

floss-uz-l10n лойиҳаси

Google Code хизматида floss-uz-l10n лойиҳаси мавжуд. Унинг мақсади - эркин ва очиқ кодли дастурларни ўзбекчага ва Ўзбекистон шароитларига локаллаштириш. Лойиҳа ҳаракатини марказлаштириш ва унга тегишли мавзуларни муҳокама қилиш мақсадида Google Groups хизматида floss-uz-l10n гуруҳи ҳам мавжуд. Агар сиз ҳам лойиҳага қизиқсангиз floss-uz-l10n гуруҳига қўшилинг. Лойиҳага қисқача киришни бу ерда ўқиса бўлади.

Борат

Ўтган жума кун Боратни кўрдим. Унинг чиққанига аллақачон бир-икки ҳафта бўлди, аммо фақат ўтган чоршанба кунидан бошлаб уни инглиз тилида кўрсатиб бошлади.

Олмонияда, одатда, кинофильм инглиз тилида бўлса, кинохоналар камдан-кам тўлади. Ҳозиргача мен кўрган кинофильмлар орасида фақат Майкл Мурнинг (Michael Moore) "Bowling for Columbine" ва Тарантинонинг (Quentin Tarantino) "Kill Bill" кинофильмларида кинохона тўлган эди. Энди мана Боратда ҳам шундай бўлди.

Фильмнинг бошидан охиригача томошабинлар кулишни тўхтатмади. Айрим ҳолларда, қарсакларни эшитса ҳам бўларди. Қисқаси, фильм ҳаммага маъқул келди.

Борат менга ҳам маъқул келди, аммо, ростини айтсам, мен ундан кўпроқни кутган эдим. Мен аллақачон Ютюбдаги Боратни кўриб нимани кутишни тахминан билган эдим. Менинг бир оз афсусимга балки шу сабаб бўлган.

Каке

Вердернинг тўп киритиш машинаси охирги ўйинларда ишламаяпти. Охирги тўртта ўйин ичида битта ғалаба, иккита дуранг ва битта мағлубият. Натижада, икки ҳафтадан буён Вердер биринчи ўринда эмас. Ўтган ҳафта Штутгард биринчи эди, бу ҳафта эса Шалке.

Ачинарлиси, ўйинчилар майдонга футбол ўйнаш ва ютиш кайфияти билан чиқмаганга ўхшайди. Вердернинг ўйинида на ҳаракат на яратувчилик бор. Ўйинчилар Барсага қарши дурангга ўйнадик ва икки марта олтита тўп киритдик энди рақиблар ўзидан ўзи бой беради деб ўйлаган бўлиши керак. Жорий вазиятга бошқача таъриф бериб бўлмайди.

Мураббийга ҳам ҳайронман. Жамоанинг иши мана тўртта ўйиндан бери юришмайди у эса жамоа таркибига ҳеч қандай ўзгартириш киритмайди. Масалан Арон Ҳант, 21 ёшарли ҳужумчи. Яққол кўриниб турибди у аллақачон чарчаган, майдонда 90 дақиқа югуролмайди. Ўйиннинг бошидан унинг ўрнига Алмейда ёки Зиданни қўйиш мумкин. Ёки Арон билан бошлаб ўйининг иккинчи яримида уни Алмейда ёки Зиданнга алмаштириш мумкин.

Ҳар ҳолда, Вердер ўйин усулини ўзгартирмаса келаётган чоршанба куни Челсига қарши ўйин шармандаликка айланиши мумкин. Умид қиламан, чоршанба куни Вердер ҳудди Барсага қарши ўйин кўрсатгандек ўйнайди ёки мағлубиятга учраса ҳам ҳеч бўлмаганда ўйининг охирги сониясигача курашиб 1:2-га ўхшаган натижа билан тугатади.

11/05/2006

Нурали Абдураҳмонов

Ким? Нурали. Мен у ҳақида аввал ҳам ёзган эдим. У ҳозир EastLinux'да ишлайди. Яқинда у иши ҳақида блог ёзиб бошлади. Қисқаси, EastLinux ва Нуралининг иши ҳақида кўпроқ билмоқчи бўлсангиз, Нуралининг блогини ўқиб туринг.

Торфабрик

Вердер - Байерн 3:1

Вердер - Байерн ўйини ҳамиша қизиқарли ўтади. Одатда, сезон бошланишидан бир неча ой аввал ҳамма чипталар аллақачон сотилган бўлади. Бу сафар ҳам қоидадан ташқари ҳолат бўлмади, шунинг учун мен ўйинни ўйингоҳда кўролмадим.

Одатда, ўйиндан аввал оммавий ахборот воситаларида аллақачон ҳужум бошланиб кетади. Байернинг менежери ёки Оливер Канга ўхшаганлардан "Вердерни ер билан битта қиламиз" гапларни эшитиш мумкин. Тўғри, Байерн Олмон футболида энг муваффақиятли жамоадир. Шу сабабли улар кимга қарши ўйнамасин Бундеслигада ким хўжайинлигини ҳамиша кўрсатмоқчи бўлади.

Ўтган ўйинлардан бирида Кан Колозенинг бурнига қўлини тиққан эди. Бундай ҳоллар Канга оддий ҳолат бўлиб қолган, шунинг учун у Бундеслигада футбол ишқибозлари энг ёмон кўрган ўйинчига айланган. Аввал, томошабинлар Канни маймунга ўхшатиб майдонга банан отишарди. Ҳозир Олмон футболи учун қилган ишини ҳурмат қилиб шекилли улар бундай бемазагарчиликни такрорламайди.

Минг қилса ҳам, Кан ҳамиша Кан. Ўйининг ўнинчи дақиқасида Кан Диегони қўпол туртиб юборди. У ҳам жавоб сифатида туртиши мумкин эди, аммо у бундай жавоб беришга одатланмаганга ўхшайди. Диегонинг жавоби бир дақиқадан сўнг келди. Тўп ўнбеш метрдан дарвозанинг юқори қисмига ўқдек кириб кетди. Дарвозабоннинг қўполлигига бундан яхши жавоб бўлиши мумкин эмас.

Иккинчи тўпни Воме қоида бузилган жойдан тахминан ўттиз метрдан дарвозанинг чап бурчагига киргизди. Учинчини Люсио ўз дарвозасига киритди. Вердернинг учта тўпига Байерннинг кучи фақат бир марта жавоб қайтаришига етди. Ўйиннинг охирида ҳамишагидек "Цит дие байерн ледер хозен аус" қўшиғи айтилди.



Майнц - Вердер 1:6

Майнцга қарши Вердер истаганича ўйнади. Майдоннинг истаган жойида тўлиқ устунликка эга эди. Энг муҳими Клозе яна тўп уриб бошлади. Бир ўйинда иккита. Шу ўйинни мисол сифатида олиб нима учун Клозе бошқа ҳужумчилардан фарқли ажойиб ўйинчилигини кўрса бўлади. Унинг ўзи ҳамиша такрорлаганидек, у учун шахсий муваффақиятидан кўра жамоанинг муваффақияти устун туради. Агар тўп киритишга унинг имкони яхши бўлса, аммо унинг ҳамжамоасининг имконияти ундан ҳам яхши бўлса, тўпни ўзи киритмай ҳамжамоасига оширади. Афсуски, ҳозирги футболда бундай ҳужумчи кўп учрамайди.

Майнцнинг менежери айтганидек Вердер ҳудди бошқа юлдуздан келган жамоадек ўйнади. Бундан ортиқча гапиришни ҳожати йўқ. Ўйин видеосини томоша қилинг.



Левски - Вердер 0:3

Вердернинг Бундеслигадаги муваффақияти Чемпионлар Лигасида ҳам давом этяпти. Чемпионлар Лигасида Вердер Левски устидан ғалаба қозонди. 3-0. Ўйин деярли беш дақиқада ҳал бўлган эди. Биринчи тўпга олиб келган дарвозабоннинг хатосидан сўнг (33 дақ.) икки дақиқа фарқ билан Бауман (35 дақ.) ва Фрингс (37 дақ.) дарвозага тўп киритишга муваффақ бўлди. Ўйиннинг иккинчи қисмида Вердер ҳимояда ҳам яхши ўйнашини кўрсатди.

Вердернинг омадига Челси охирги дақиқаларда тўп киритиб Барса билан дуранг ўйнади. Натижада, Челси биринчи, Вердер иккинчи ва Барса учинчи. Энди, ҳамма нарса Вердернинг қўлида. Уйда Челси устидан ғалаба қозонса ва Барселонада дурангга ўйнаса, Чемпионлар Лигасининг кейинги босқичига ўтади.