11/05/2006

Торфабрик

Вердер - Байерн 3:1

Вердер - Байерн ўйини ҳамиша қизиқарли ўтади. Одатда, сезон бошланишидан бир неча ой аввал ҳамма чипталар аллақачон сотилган бўлади. Бу сафар ҳам қоидадан ташқари ҳолат бўлмади, шунинг учун мен ўйинни ўйингоҳда кўролмадим.

Одатда, ўйиндан аввал оммавий ахборот воситаларида аллақачон ҳужум бошланиб кетади. Байернинг менежери ёки Оливер Канга ўхшаганлардан "Вердерни ер билан битта қиламиз" гапларни эшитиш мумкин. Тўғри, Байерн Олмон футболида энг муваффақиятли жамоадир. Шу сабабли улар кимга қарши ўйнамасин Бундеслигада ким хўжайинлигини ҳамиша кўрсатмоқчи бўлади.

Ўтган ўйинлардан бирида Кан Колозенинг бурнига қўлини тиққан эди. Бундай ҳоллар Канга оддий ҳолат бўлиб қолган, шунинг учун у Бундеслигада футбол ишқибозлари энг ёмон кўрган ўйинчига айланган. Аввал, томошабинлар Канни маймунга ўхшатиб майдонга банан отишарди. Ҳозир Олмон футболи учун қилган ишини ҳурмат қилиб шекилли улар бундай бемазагарчиликни такрорламайди.

Минг қилса ҳам, Кан ҳамиша Кан. Ўйининг ўнинчи дақиқасида Кан Диегони қўпол туртиб юборди. У ҳам жавоб сифатида туртиши мумкин эди, аммо у бундай жавоб беришга одатланмаганга ўхшайди. Диегонинг жавоби бир дақиқадан сўнг келди. Тўп ўнбеш метрдан дарвозанинг юқори қисмига ўқдек кириб кетди. Дарвозабоннинг қўполлигига бундан яхши жавоб бўлиши мумкин эмас.

Иккинчи тўпни Воме қоида бузилган жойдан тахминан ўттиз метрдан дарвозанинг чап бурчагига киргизди. Учинчини Люсио ўз дарвозасига киритди. Вердернинг учта тўпига Байерннинг кучи фақат бир марта жавоб қайтаришига етди. Ўйиннинг охирида ҳамишагидек "Цит дие байерн ледер хозен аус" қўшиғи айтилди.



Майнц - Вердер 1:6

Майнцга қарши Вердер истаганича ўйнади. Майдоннинг истаган жойида тўлиқ устунликка эга эди. Энг муҳими Клозе яна тўп уриб бошлади. Бир ўйинда иккита. Шу ўйинни мисол сифатида олиб нима учун Клозе бошқа ҳужумчилардан фарқли ажойиб ўйинчилигини кўрса бўлади. Унинг ўзи ҳамиша такрорлаганидек, у учун шахсий муваффақиятидан кўра жамоанинг муваффақияти устун туради. Агар тўп киритишга унинг имкони яхши бўлса, аммо унинг ҳамжамоасининг имконияти ундан ҳам яхши бўлса, тўпни ўзи киритмай ҳамжамоасига оширади. Афсуски, ҳозирги футболда бундай ҳужумчи кўп учрамайди.

Майнцнинг менежери айтганидек Вердер ҳудди бошқа юлдуздан келган жамоадек ўйнади. Бундан ортиқча гапиришни ҳожати йўқ. Ўйин видеосини томоша қилинг.



Левски - Вердер 0:3

Вердернинг Бундеслигадаги муваффақияти Чемпионлар Лигасида ҳам давом этяпти. Чемпионлар Лигасида Вердер Левски устидан ғалаба қозонди. 3-0. Ўйин деярли беш дақиқада ҳал бўлган эди. Биринчи тўпга олиб келган дарвозабоннинг хатосидан сўнг (33 дақ.) икки дақиқа фарқ билан Бауман (35 дақ.) ва Фрингс (37 дақ.) дарвозага тўп киритишга муваффақ бўлди. Ўйиннинг иккинчи қисмида Вердер ҳимояда ҳам яхши ўйнашини кўрсатди.

Вердернинг омадига Челси охирги дақиқаларда тўп киритиб Барса билан дуранг ўйнади. Натижада, Челси биринчи, Вердер иккинчи ва Барса учинчи. Энди, ҳамма нарса Вердернинг қўлида. Уйда Челси устидан ғалаба қозонса ва Барселонада дурангга ўйнаса, Чемпионлар Лигасининг кейинги босқичига ўтади.

No comments: