10/14/2007

Замонавий Насриддин Афанди

Бир куни Афанди шоҳнинг олдига бориб эшагида ўқиш қобилияти борлиги ҳақида айтибди. Шоҳ унга ишонмай, эшакнинг ўқиш қобилиятини кўрсатишни сўрабди. Афанди китобни ерга қўйибди. Китобни кўрган эшак ҳамишагидек унинг бетлари орасида буғдой бўлса керак деб китобни тумшуғи билан "варақлаб" бошлабди. Бир оздан сўнг, ҳеч қандай буғдой тополмай эшак ҳанграб бошлабди.

Буни кўрган шоҳ оғзини очиб ҳайрон бўлибди. Афанди - "Кўриб турганингиздек, эшак ҳали ўзимизни тилида ўқиёлмайди, аммо бунинг ҳам иложи бор" дебди. Шоҳ сўрабди - "Бу учун нима қилиш керак?". Афанди эса - "Менга бир тўла хум тилла ва беш йил вақт беринг мен эшакни одам тилида ўқишга ўргатаман" деб жавоб берибди. Шоҳ - "Агар мени алдасанг, бошингдан айриласан" деб рози бўлибди.

Афанди тиллани олиб уйига келибди. Уйда бўлиб ўтган воқеани хотинига айтиб берибди. Хотини эса - "Вой шўрим! Нима қилиб қўйдингиз?! Ахир, ахмоққа ҳам маълумки эшакни юз йилда ҳам ўқишга ўргатиб бўлмайди" деб вой-дод уриб бошлабди. Афанди - "Хотин, ўзингни бос. Ваҳима қилма. Беш йил ўтгунча ё шоҳ ё эшак ўлади" деб кулиб қўйибди.

Бир йил аввал Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигида ўзбекча Линукс ОТнинг тақдимоти бўлиб ўтгани ҳақида эълон қилинган эди. Мен ҳам у ҳақида ёзган эдим. Аммо бир оздан сўнг, у ҳали тайёр эмаслиги учун чиқмаслиги маълум бўлди. Юқоридаги эълонга мана бир йил ҳам бўлди. Агар ўзбекча Линукс шунгача тайёр бўлмаган бўлса, унда тақдимотда нима намойиш қилинган экан?

Менимча юқоридаги иккита воқеалар бир-бирисига жуда ўхшайди. Шундай эмасми? Иккинчи воқеада Афанди кимлиги маълум. Мени қизиқтираётган нарса - шоҳ ким экан?

2 comments:

xattabych said...

Хаа. ман хам кутавериб кузларим турт булди) Афандилар хозир хам бор шекилли...

Nurali said...

Ҳа бу тақдимот анча шошма-шошарлик билан қилинган эди. Камина ҳам шу афандиларни ораси юрибман. Аммо бу узоққа чўзилмайдиган кўринади. ОТнинг қачон дунё юзини кўришини эса аниқ айтиш қийин. Тизимни ишлатиб кўрдим.Жуда ҳам қониқарсиз.Ҳали роса ишлаш керак.