10/08/2007

Firefox 2 ўзбек тилида

Яқинда мен Firefox 2 дастурини ўзбекчалаштиришни бошладим. Биринчи ўринда мен асосий менюларда кўринадиган хабарларни таржима қилиб чиқдим. Кундалик ишда кўринадиган хабарларнинг асосий қисми тайёр бўлди. Ўзбекча таржималар кенгайтма (extension) сифатида тарқатилади. Таржима кирил ёзувида ёзилган ўзбек тилида бажарилади. Яқин орада, кирил ёзувини лотин ёзувига айлантирадиган воситадаги камчиликлар тузатилганидан сўнг Firefox 2 учун лотин ёзувида ёзиладиган ўзбек таржималар ҳам бўлади.

Мен floss-uz-l10n лойиҳадаги Wiki'га ўзбекча таржималар ҳақида маълумот қўшиб ҳам қўйдим. У ерда таржималарни ўрнатиш бўйича ҳам ёзилган. Таржималар учун биринчи янгиланишни ҳам чиқардим. Фойдаланувчилар хабар беришича уларни қўллашда муаммо пайдо бўлмаган. Қуйидаги расмда кўриб турганингиздек, ўзбек тили қўшимчаси Windows ОТда ҳам ишлайди.


"Firefox 2 ўзбекчага таржима қилинди" деб эълон қилиб юриганларга пашшадан фил қилманглар демоқчиман. Биринчидан, бу ҳали қисман тугатилган ишнинг натижаси. Рақамлар билан гапирсам, ҳамма хабарлардан ҳали тахминан 14 фоизи таржима қилинди. Иккинчидан, бу иш билан деярли бир ўзим шуғулланяпман. Бўш вақтим жуда чегараланганини ҳисобга олганда, мен бу ишни ҳеч қачон бир ўзим тугатолмайман. Бундан ташқари, бундай мақсадим ҳам йўқ. Ҳаётимда floss-uz-l10n лойиҳасидан кўра бошқа муҳим ва қизиқарли ишлар ҳам бор, бўш вақтимни ҳам фақат floss-uz-l10n лойиҳасига бағишлашни ҳам ҳеч истамайман. Қисқаси, қуруқ "Firefox 2 ўзбекчага таржима қилинди" деб эълон қилишдан кўра "у қисман таржима қилинди ва ишни давом этиш учун ҳисса қўшувчилар керак" деб ёзинглар. Қизиқадиганлар Firefox'ни таржима қилиш ҳаракатига қўшилиб таржима қилиб бошламаса, бу лойиҳа ҳеч қачон якунига етмай аста-секин йўқолиб кетади.

1 comment:

xattabych said...

хурсандман. Бизларда блогингизни укиш имкони пайдо булди))