Subject: Ўзбекистон тараққиёти учун эркин ва очиқ кодли дастурий таъминотдан фойдаланиш
Date: Якшанба Январь 14 2007 02:49
From: Mashrab Kuvatov kmashrab@uni-bremen.de
To: foss@ictp.uz
Cc: "Damir Amirov" damir.amirov@ictp.uz, "floss-uz-l10n" floss-uz-l10n@googlegroups.com
Ҳурматли ICTP.uz бошқаруви,
мен яқинда "Ўзбекистон тараққиёти учун эркин ва очиқ кодли дастурий таъминотдан фойдаланиш" деб номланган ҳужжатни ўқиб чиқдим. Ҳужжат 43 бетдан иборат бўлиб координатор Дамир Амириов, экспертлар Эрик Ерзин, Владислав Михайликов ва таржимон Зафар Рахимжонов томонидан яратилган. Қуйида у ерда ёзилган нарсалар ҳақида ўзимнинг фикримни билдирмоқчиман.
Ҳужжат катта ишнинг натижаси эканлиги яққол кўриниб турибди. Умуман олганда, ҳужжатда берилган шарҳ ва тавсиялар унинг номида келтирилган мавзунинг деярли ҳар томонини ёритади. Уни, бу иш Ўзбекистонда биринчи марта бажарилаётганини назарга олсак, муваффақиятли дейиш мумкин.
Ҳужжатда камчилик ва ноаниқлик ҳам учрайди. Мен учун жуда ноқулай бўлган нарса, бу ишлатилган тил бўлди. Ҳужжат аслида рус тилида ёзилганлиги ва уни компьютер соҳасидан узоқ бўлган киши таржима қилганлиги ўқувчига яққол кўриниб турибди. Ҳужжатда ишлатилган ўзбек тилини тушуниш жуда қийин. Унинг кўп жойларида ҳатто мавзу билан таниш бўлган кишилар учун тушунарсиз гап ҳатто бутун параграфлар учрайди. Ишлатилган атамалар ҳозиргача Линуксни Ўзбекистон учун маҳаллийлаштириш ишларида қўлланилган атамалардан анча фарқ қилади. Масалан, "тизимли маъмур" нималигини аниқлаш учун бир неча дақиқа вақтим кетди.
GNU лицензиясининг энг муҳим шартларидан бири, яъни дастурларни тарқатишда, сотиш ёки бепул йўлидан қатъий назар, унинг дастлабки коди ҳам албатта фойдаланувчига тарқатилиши ҳужжатда менимча орқа фонда қолган. Бу эркин дастурлар оламининг ва унинг ҳозирги муваффақиятининг асоси ҳисобланади. Ҳужжатда ушбу шартга асосида урғу бериб ўтиш керак. У фақат ҳужжатнинг "ЭОКДТга кириш" ва "Илова 1" қисмларида бир оғиз айтилиб ўтилган. Менимча ҳужжатда эркин дастурларнинг бепуллигига кўпроқ урғу берилган.
Ҳужжатнинг 14-чи бетида мен ёзган мақоладан бир неча парча келтирилган. Мен уни ўзбек ва рус тилларида ёзганман. Афсуски, ҳужжатда русчасидан ўзбекчага эркин таржима қилиниб берилган. Манба сифатида ҳам русча мақоламнинг манзили берилган. Дарвоқе, кўрсатилган манзил мавжуд эмас. Ўзбек тилида ёзилган "Линукс ўзбекча гапиради" мақоланинг манзили қуйидагича: http://www-user.uni-bremen.de/~kmashrab/freax.homelinux.net/articles/linux-speaks-uzbek.php.html
Илова 1-да берилган маҳаллийлаштириш ҳақидаги қисм ҳақиқатга тўғри келмайди. У ерда қуйидаги айтилган:
Маҳаллийлаштириш масаласи фақат таржима билан чекланмайди, бунинг фақат таржима дастурий таъминотни маҳаллийлаштириш жараёнида одатда арзимаган жойни эгаллайди. Мослаштиришнинг намунавий мсалаларига миллий валюта белгиларини, вақт ва санани ифодалашни қабул қилинган форматларини ҳамда матнларни алфавит саралаш қоидаларини ишлатиш киради.
Айтганимдек, бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Юқорида айтилган пул, вақт, сана ва ҳоказони белгиловчи мосламалар биринчи ўринда бажарилади. Акс ҳолда, операцион тизимга тил ва давлат маълум бўлмайди. Бундай иш Ўзбекистон ва ўзбек тили учун Линукс ОТда аллақачон 3-4 йил аввал бажарилган. Пул, вақт, сана ва ҳоказони кўриниши ҳар ой ўзгармайди, аммо дастурларга деярли ҳар куни ўзгариш киритилади. Дастурларнинг янги версиясида табиий экранда кўринадиган хабарлар ҳам ўзгаради. Уларнинг таржимасини ҳам мос равишда янгилаб туриш шарт. Бундан ташқари ўзбек тили компьютер соҳасида ривожланмаган у учун ҳеч қандай кўрсатма, андоза ёки мутахассис йўқ. Мен маҳаллийлаштириш ишларида таржима қилишни биринчи ўринга қўяман.
Илова 2-да Линукс дистролар ҳақида берилган жадвалда субъектив ва ноаниқ маълумот берилган. Масалан, "ҲА жавоби" ва "ҚАРШИ жавоб" устунларида берилган маълумот экспертларингизнинг шахсий фикри. Уларга ҳамма ҳам қўшилмайди. "Эркин юклаб олиш" устунида ноаниқ ёки эскирган маълумот берилган. Масалан, Mandriva Linux ОТни ҳар доим FTP-сервер орқали ўрнатиш мумкин эди, Ubuntu Linux ОТни энди бепул компакт-дискда олиб бўлмайди. Ушбу жадвални ҳужжатдан олиб ташлашни маслаҳат бераман.
Ҳужжат MS Word ва Acrobat Distiller ёрдамида яратилган, бу дастурлар эркин эмас. Буни илова қилинган расмда кўрса бўлади. У ерда ҳужжат ҳақида маълумот KPDF ёрдамида кўрсатилган. Буни мен ароқхўр ота ўғлига ароқхўр бўлиш яхши эмаслиги ҳақида насиҳат беришига ўхшатаман. Хуллас, агар бошқаларга эркин дастурлардан фойдаланиш ҳақида маслаҳат бермоқчи бўлсангиз, биринчи ўринда улардан ўзингиз фойдаланишингиз керак. Акс ҳолда, сўзларингизни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди. Ҳеч бўлмаганда, ҳужжатни Windows ва OpenOffice.org ёрдамида яратса бўлар эди.

Салом билан,
Машраб.
PS. Ушбу хатни мен блогимга ҳам қўяман. Уни қуйидаги манзилда ўқиш мумкин: http://mashrab-kuvatov.blogspot.com/
Қўшимча:Муҳокаманинг давоми
бу ерда ва
бу ерда.