10/28/2006

EastLinux ҳақида аниқлик

EastLinux ҳақида аввал ёзган хабаримга бир оз аниқлик киритмоқчиман. Ҳа, у кўргазмада тақдим қилинган, аммо ҳали чиққани йўқ. Бу маълумотни мен Нуралидан олдим. Нурали EastLinux учун ўзбекча таржимаси билан шуғулланади. Унинг айтиши бўйича EastLinux бир-икки ой ичида чиқади. Нуралининг рухсати билан мен қуйида кўргазмада олинган бир-иккита расмни тақдим этаман.





EastLinux кўринишини қуйидаги расмда кўриш мумкин. Иш столидаги расм ва меню тугмасини назарга олмасак оддий KDE'дан ҳеч қандай фарқи йўқ.

10/19/2006

Вердер - Левски Софиа

Кеча "Чемпионлар Лигаси"да навбатдаги ўйинлар бўлиб ўтди. Вердер ўз майдонида Болгария чемпиони Левскига қарши ўйнади. Ўйин томошабинлар нуқтаи назаридан албатта жуда чиройли бўлмади. У кўпроқ яккама-якка курашдан иборат эди. Ҳамишагидек, Вердер ўйининг бошидан ҳужумга ўтиб кетди, аммо, афсуски, тўп ўтишда кўп хатога йўл қўйди. Болгарлар ҳам орқада тиқис туриб жуда яхши ҳимояланди. Олдинги иккита мағлубиятдан яхши хулоса чиқарганга ўхшайди.

Ўйин давомида Вердер бир неча марта ўткир вазият яратди, аммо ҳужумни якунига етказолмади. Ҳар ҳолда, иккита бразилияликлар Налдо ва Диего тўп киритиб Вердер тер тўкиб "Чемпионлар Лигаси"да биринчи ғалабасига эришди.

Вердернинг гуруҳдоши Барселона Лондонда Челсидан мағлубиятга учраб ҳозирча Вердердан фақат тўплар фарқи ҳисобига иккинчи ўринда. Челси бир, Левски охирда. Энди нима бўлса ҳам Софиада Левскини ва уйда Челсини ютиш керак.

10/17/2006

Боҳум - Вердер

...0:6. Ишонмайсизми? Завқланиб томоша қилинг. Эртага Левски Софияга қарши яхши машқ бўлди. :-)

KDE 10-га кирди

KDE лойиҳаси бошланганига ўн йил бўлди. Konqi, туғилган кунинг билан табриклайман. Нима? У ўзбек тилини тушунмайди? Konqi биринчи ўзбекча сўзини ўрганганига мана уч йил бўлди. :-)

Ўн йил аввал Матиас Этриҳ (Matthias Ettrich) Линукс қизиқувчиларига "қулай график иш столини яратайлик" деб таклиф қилган эди. Ўшанда KDE Линукс каби эркин ОТларда энг муваффақиятли иш столига айланишига Матиас ҳам фараз қилмаган бўлса керак.

10/06/2006

Mandriva Linux 2007

Бир неча кун аввал Mandriva Linux 2007 чиққани ҳақида эълон қилинди. Уни аллақачон ёзиб олса бўлади, истанг Bitorrent истанг FTP орқали. У x86 ва x86_64 компьютерлар учун бир қанча турда мавжуд. Free, Discovery, Powerpack, Powerpack+. Улар орасидаги асосий фарқ уларда мавжуд бўлган дастурлар сонида. Масалан AcrobatReader, FlashPlayer, RealPlayer каби дастурлар фақат Discovery ва Powerpack'ларда мавжуд.

Дарвоқе, Live-CD ҳам бор. Истанг Gnome истанг KDE асосида. Агар KDE асосида ўзбекча Live-CD керак бўлса, унинг номи mandriva-one-2007-kde5. Уни компьютерга ўрнатса ҳам бўлади. Унинг кўриниши қуйида кўрсатилган.



Мен уйимдаги Mandriva Linux 2006-ни 2007-га аллақачон янгиладим. ОТни юкланиши анча тезлашган. Mandriva компьютер ишга тушаётганда ҳар хил хизматларни кетма-кет эмас бир-бирисига ёнма-ён (параллел) усулда ишга туширади. Одатдагидек, янги дастурлар: Кернел 2.6.17, KDE 3.5.4 ...



Агар XGL 3D имкониятларига қизиқсангиз ва сизда ATI ёки Nvidia график картаси бўлса уларни қуйидагича ўрнатиш ва мослаш мумкин. Биринчи ўринда, PLF RPM-пакетлар тўпламини манбаларга қўшинг. Буни масалан EasyUprmi ёрдамида бажарса бўлади. Кейин dkms-nvidia (ёки dkms-ati) ва task-3ddesktop пакетларини ўрнатинг. Энди, қўлбола ёки XFdrake ёрдамида Xorg учун ati ёки nvidia драйверини танланг. Бундан ташқари RENDER ва Composite кенгайтмаларини (Extensions) ёқинг. Якунда, Mandriva бошқарув марказида 3D имкониятларини ёқинг, холос. Қуйида бир-иккита тугмалар бирикмаси келтирилган.

Ctrl + Alt + чапга/ўнгга - Иш столларини алмаштириш (куб эффекти)
Ctrl+ Alt + пастга + чапга/ўнгга - Иш столларини алмаштириш (филм тасмаси эффекти)